КУН ТАРТИБИДА – КОСОН ТУМАНИ ТИББИЁТ ТИЗИМИ ФАОЛИЯТИ

 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бугун ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида Косон тумани тиббиёт бирлашмаси муассасаларидаги вазият батафсил муҳокома этилди.

Қайд этиш жоизки, бошқармада янги ташаббус асосида тадбирлар бошланди. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида 2024 йил 1-чорак давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш тизимига оид қарор ва фармонлари ижроси, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, тиббий бригадалар фаолияти, скрининг ва профилактик кўриклар ташкил этилганлиги, стационар ва кундузги бўлимларда даволаш-ташхислаш ишлари ССВнинг амалдаги клиник протоколлари асосида олиб борилганлиги, “MedHub” электрон тизимида ишлаш, дорихона фаолияти, кадрлар таъминоти, қурилиш-таъмирлаш ва молиявий-хўжалик ишлари ҳолатларини ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Тегишли мутахассислар иштирокида муайян ҳудуд муаммоларини комплекс ўрганиб, таҳлил этиш ва зарур чораларни белгилаш, керакли тавсияларни ишлаб чиқишга киришилди.

Кеча вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бир гуруҳ масъуллари, шунингдек, вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларидан иборат гуруҳ шу мақсадда дастлабки ҳудуд – Косон тумани муассасаларида ислоҳотларнинг боришини ўрганиб қайтишди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда мазкур ўрганиш натижалари таҳлил этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоев энди аниқ натижа билан, ислоҳотлар масъулиятини ҳис этган ҳолда ишлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари Ғанишер Умирзоқов, Мавлуда Қурбонова, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов, вилоят скрининг маркази раҳбари Дониёр Турсунов, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директори Равшан Тўлаков, республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори Яшин Аҳматов, республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Бахтирўз Михлиев, вилоят 1-асаб-руҳий касалликлар диспансери раҳбари Шавкат Мамадиев, республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Иброҳим Очилов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташкилий-кадрлар ва инсон ресурсларини ривожлантириш шўъбаси бошлиғи Юлдуз Баратова, бошқарма бош юрисконсульти Саодат Киямова ва бошқалар тумандаги ўрганиш натижалари ҳақида ахборот беришиб, ўз тавсияларини ҳам қайд этишди.

Кенгайтирилган йиғилишда қизамиқ касаллигининг олдини олиш, вакцинация тадбирларига эътиборни кучайтириш юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди, хусусан, Косон тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари ва бошқа бир қатор мутасаддиларига камчиликларни бартараф этиш учун уч ой синов муддати берилди. Ишда бурилиш ясай олмаган раҳбарларга нисбатан кескинроқ чоралар кўрилиши маълум қилинди.