КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКОМАСИДА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ҲАМ ФАОЛ БЎЛИШЛАРИ ЗАРУР

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус режа-жадвал асосида тизимда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни муҳокомасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Видеоселектор тарзида ташкил этилган тадбирда бошқарма мутасаддилари билан бир қаторда вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбар ва ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда фалсафа фанлари доктори, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти доценти Саодат Муртозова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали бош шифокори, Миллий тикланиш партияси вилоят кенгаши раиси Сайфулла Маҳматмўминов Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида батафсил маълумот бердилар.

-Конституциямиз ҳаётимиз пойдевори экан, у билан боғлиқ ҳар қандай янгилик ҳар бир фуқаромиз келажагига дахлдордир, – дейди С.Маҳматмўминов. -Тиббиёт ходимлари – зиёлиларимизнинг илғор қатлами сифатида бу борадаги муҳокомаларда фаол иштирок этиши, шу билан бир қаторда халқимизга конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини етказишда ҳам фаоллик кўрсатишлари зарур.

Йиғилишда мавзуга доир фикр ва мулоҳазалар билдирилди.