КИТОБ ТУМАНИ ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИ БОЛАЛАР БЎЛИМИ ШИФОКОРЛАРИНИНГ ИШ ҲАҚИГА ДОИР

Телеграм мессенжери орқали эълон қилинган мурожаатда Китоб тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар бўлимида ишловчи ходимларнинг 2022 йил май ойи иш ҳақи берилмаганлиги маълум қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида” ПҚ-6221-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Китоб тумани тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 29 декабрдаги тегишли буйруғига асосан туман шифохоналарининг тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига ўтказиладиган койкалар фондининг 10 фоизи, яъни мавжуд 595 ўриндан 60 тасининг қисқартирилиши кўзда тутилган. Жумладан, шу асосда тиббиёт бирлашмасидан 40, туғруқ бўлимидан 10 ва болалар бўлимидан 10 ўрин қисқартирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2021 йил 16 майдаги қўшма вақтинчалик штатлар меъёрларига асосан тумандаги барча стационар муассасаларнинг штатлар рўйхатлари 2022 йил 1 февралдан бошлаб қайта тузилган. Туман молия бўлими томонидан штатлар рўйхатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, рўйхатдан ўтказиб, тасдиқлаб берилган. Ўз навбатида иш ҳақи фондидан тегишли ўзгартиришлар киритиб, чегириб қолинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқот”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-33 сонли фармойиши 1-сон иловаси билан тасдиқланган “Йўл харитаси”ни 7-тартиб рақами, 2-бандида туман шифохоналарининг бюджетдан ташқари койкага айлантириш белгиланган 10 фоиз қисмини бюджетда қолдириш кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги ПФ-136-сонли “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 8-бандида ушбу қисқарган 10 фоизни (60 ўрин) давлат бюджетидан молиялаштириш тартибининг сақлаб қолиниши, тор ихтисосликдаги неврология, кардиология ҳамда эндокринология ўринларини ташкил этиш белгиланган.

Юқоридаги ҳужжатлар ижросини бажариш мақсадида Китоб тумани молия бўлимига туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 2022 йил 1 январдан қисқартирилган 60 ўрин ва унга тегишли штат бирликлари ҳамда маблағларини 2022 йил 1 июндан қайтариш борасида амалий ёрдам бериш бўйича хат киритилган.

Туман молия бўлими томонидан юқоридаги фармонда кўрсатиб ўтилган тор ихтисосликдаги неврология, кардиология ҳамда эндокринология ўринларни ташкил этиш тўғрисида розилик берилган.

Ҳозирги кунда болалар бўлимидан 10 ўринга нисбатан қисқартирилган штат бирлагидаги иш ҳақи фондидан чегириб қолинганлиги натижасида бўлимда ишловчи 11 нафар врач ходимга 38 950.5 минг сўмлик иш ҳақи берилмаган.

Китоб тумани молия бўлими томонидан 2022 йил июль ойида штат кўрсаткичларига ўзгартиришлар киритиб, иш ҳақи фондига қўшимча маблағ ажратиб берилиши билан бўлим ходимларининг иш ҳақи тўлаб берилади.