КИТОБДА «САЛОМАТЛИК САЙЛИ» ИШТИРОКЧИЛАРИ 800 ДАН ОШДИ

Республикамиз бўйлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Саломатлик сайиллари” ойлиги доирасидаги навбатдаги акция бугун Китоб туманидаги сўлим Марказий истироҳат боғида давом этди.

Байрамона руҳда ташкил этилган сайилнинг 7 апрель – Халқаро саломатлик кунига тўғри келиши ўзгача уйғунлик касб этди.

Сайил давомида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларига риоя қилиш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, касалликлар профилактикасини ташкил этиш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш бўйича оммавий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва Қаршидан келган малакали мутахассислар ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан сайилга келган 800 дан ортиқ аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилиб, индивидуал тавсиялар берилди.

Тиббиёт карвони сешанба куни Миришкор туманига йўл олади.