Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш” мавзусида матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев мавзуга доир маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада такомиллаштириш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда вилоятимизда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиаллари, вилоят перинатал маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолият кўрсатмоқда. Яқинда Президентимизнинг қарори билан вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансери Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий маркази вилоят филиалига айлантирилди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 88-сонли мажлис баёни 27-банди ижросини таъминлаш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг қуйидаги 8та минтақавий филиали ташкил этилган:
1. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
2. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
3. Республика ихтисослаштирилган терапия ва реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
4. Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
5. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
6. Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
7. Республика ихтисослаштирилган нефрология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;
8. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали.


Воҳамизда ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қуйида айрим мисолларга мурожаат қилсак.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалида юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётлари тури ва сони йилдан-йилга сезиларли равишда кўпаймоқда. Масалан, 2022 йилнинг дастлабки ярим йиллигида филиалда 448 та ёпиқ турдаги юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида 1013 тани ташкил этди.
Бу ерда 2023 йилнинг дастлабки ярми давомида хорижлик малакали мутахассислар иштирокида жами 59 та маҳорат дарси тарзидаги мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида ташкил этилган академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази Қашқадарё минтақавий филиалида 3 та трансплантация операцияси амалга оширилди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида йўлга қўйилган болалар кардиохирургияси бўлими фаолияти қашқадарёликлар учун жуда катта қулайликлар яратди. Тез кунларда очиладиган “Она ва бола” кластерида мазкур йўналишга ихтисослашган тиббий хизматлар бир жойда жамланиб, сифат ва самарадорлиги оширилиши кўзда тутилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида жорий йилнинг ўтган даврида 750 дан ортиқ юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари орқали беморлар кўзларига нур бахш этилди.
2023 йил давомида вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантирган ҳолда амалга оширилган юқори технологияли операциялар сонини 2 мингдан ошириш кутилмоқда. Энг муҳими, бундай амалиётлар энди вилоят марказидан олис туманларга ҳам кўчмоқда.
Бундай далил ва рақамларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Муҳими, бу каби тадбирлар ихтисослаштирилган тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштиришга, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга хизмат қилади.


Матбуот анжуманида Бобур Тешаев журналист ва блогерларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берди.