ЖССТ: Инсоният коронавирус билан ёнма-ён яшашга одатланиши керак

🦠 Пандемия бекор қилинганидан буён қарийб 7 ҳафта ўтди. СOVID-19 — ҳозир инсоният учун глобал хатар эмас. Аммо хасталик ҳануз одамлар ўлимига сабаб бўлар экан, унга қарши кураш масаласи кун тартибидан тушмайди.

📋 Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси бу борада ўз дастурий режасини эълон қилди.

📊 Қайд этилишича, 2020 йил январь ойидан пандемия якунигача Европа ва Марказий Осиё давлатларида 270 миллиондан ортиқ киши CОVID-19ни юқтириб, уларнинг 2,2 миллион нафардан ортиғи хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

📉 Дунё аҳлининг жамоавий иммунитети яхшиланиши туфайли ўлим кўрсаткичи ва беморларни шифохонага ётқизиш эҳтиёжи тобора камайиб бораётгани ижобий ҳолат.

🔬 Бироқ вирус мутацияга учрашда давом этмоқда. Унинг келгусида янада юқумли ва хафлироқ штаммлари пайдо бўлмаслигига кафолат йўқ.

📌 Айни сабабдан сайёрамиздаги эпидемиологик вазият доимо қатъий назорат остида бўлиши керак. Инсоният бошқа ўткир респиратор касалликлар сингари коронавирус билан ҳам ёнма-ён яшашни ўрганиши зарур.

🔎 ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг таъкидлашича, пандемияга қарши курашда катта тажриба тўпланди, ижобий натижаларга эришилди. Бундан чиқарилган сабоқларни профилактика мақсадларида қўллаш вақти келди.

📄 Шундан келиб чиққан ҳолда, ташкилот келажакдаги эпидемия ва пандемияларга тайёр туриш учун стратегик режасини ишлаб чиқди. У беш пунктни ўз ичига олади: ҳамкорликдаги эпидемиологик назорат, фавқулодда ҳолатлар даврида аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, тегишли чоралар кўриш ва вазиятни мувофиқлаштириш.

🩺 Бундай ёндашув саломатлик учун таҳдидларни тезкор аниқлаш, текшириш ва ҳамжиҳатликда муаммо ечимини топишда қўл келиши айтилмоқда.

‼️ Қолаверса, мазкур чора-тадбирлар соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 2024-2029 йилларга мўлжалланган беш йиллик минтақавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда асос бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.