Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида оилавий поликлиника ходимлари фуқаролардан шахсий ҳужжат маълумотларини талаб қилаётганига доир хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Маълумки, 2023 йил 1 июль санасидан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси тизими механизмларини жорий этиш белгиланган.
Бунинг учун пойтахтимиздаги 71 та оилавий поликлиника, 12 та кўп тармоқли марказий поликликлиника ва 40 та шифохона компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиб, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш учун барча шароитлар яратилди.
Мазкур тизим ишга тушгач, фуқаролар давлат бюджети маблағлари доирасида кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Яъни электрон базага ҳар бир фуқаро (бемор)нинг шахсий маълумотлари, ташхиси, касалликлари, олган муолажалари ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилиб, шифокор шу асосда беморни назоратга олади ва профилактика ҳамда даволаш чораларини кўради.
Қолаверса, беморлар дориларни электрон усулда ҳам олиши мумкин. Натижада оилавий поликлиникалардаги навбатларнинг олди олиниб, қатновлар сони камаяди.
Афсуски, сўнгги кунларда давлат тиббий суғуртаси механизмларининг моҳияти тўлиқ англаб етилмасдан жамоатчилик орасида «энди оилавий поликлиника хизматлари пуллик бўлар экан» деган нотўғри тушунча пайдо бўлмоқда.
Аввало шуни айтиш керакки, поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пуллик хизматлар кўрсатилиши ҳақида интернетда тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз. Норматив ҳужжатларга кўра, республиканинг барча фуқароларига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар бепул тақдим этилади.
Бунинг учун фуқаро эндиликда оилавий шифокор қабулига келган вақтда шахсий ҳужжатлари маълумотлари асосида бир марта идентификациядан ўтиши лозим. Яъни “Электрон поликлиника”га маълумотларни киритиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи хужжатни тақдим этиши зарур.
Ҳурматли тошкентликлар!
Агар телефон орқали кимдир ўзини оилавий поликлиника “ходими” дея таништирса ва сиздан ўзингиз ҳамда оила аъзоларингиз паспорти ва фарзандларингизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхаларини интернет тармоғи орқали узатишни сўраса, буни рад этинг.
Аксинча оилавий поликлиника ходимлари телефон орқали сиздан паспорт маълумотларини тасдиқлаш учун вақт ажратишингиз ва тиббиёт муассасасига шахсан келишингизни сўрайди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктириш вояга етган шахс томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган шахсларни бириктириш унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан бажарилади.
Шу ўринда пойтахт аҳолисидан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиши муносабати билан ўзи ва оила аъзоларининг шахсий ҳужжатлари билан ҳудудий оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.