Вилоятда илк марта бужмайган буйракни эндоскопик усулда олиб ташлаш бўйича юқори технологияли жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизидаги Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида Китобдаги «Doctor Boboyev» хусусий клиникаси мутахассислари билан ҳамкорликда илк марта бужмайган буйракни эндоскопик усулда олиб ташлаш бўйича юқори технологияли жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.

Қамашилик 64 ёшли бемор аёл бўлимга ўнг буйрак соҳасида оғриқдан шикоят қилиб келган эди. Текширувларда унга «СТК. Ўнг томонлама гидронефроз, ўнг буйрак иккиламчи бужмайиши, сийдик йўллари инфекцияси, асор тури» ташхиси қўйилди. Беморда имтиёзли ордер асосида “Трансабдоминал лапароскопик ўнг томонлама нефроэктомия” операцияси бажарилди. Айни пайтда унинг аҳволи қониқарли.

Илгари бундай беморлар ўн кунлаб шифохонада ётишига тўғри келарди. Жароҳат кесими кескин камайганлиги сабабли бемор 3 кунда оёққа турди.