Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига Қарши шаҳри Оқтепа маҳалласида яшовчи, 68 ёшли Салим бобо Шукуров кириб келди. Унинг айтишича, айни пайтда қувончи ичига сиғмайди.
Яқинда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида унинг бир кўзига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан имтиёзли тарзда гавҳар қўйилди. Мазкур бепул юқори технологияли операцияни пойтахтдан келган малакали шифокор Муроджон Темиров ва филиалнинг моҳир жарроҳи Аббос Мажидов бажаришди.
-Бир неча дақиқалар ичида операцияни тамомлашиб, ўша куннинг ўзида уйимга рухсат беришди, – дейди Салим бобо. – Бир кўзимни доғ қоплаб ётган эди, яна ойнадай кўра бошладим. Бу – мўъжизанинг ўзи. Ўзимизда шундай шароитлар, мутахассислар бор эканини тасаввур ҳам қилмаган эканмиз. Шундай шароитларни яратиб қўйган Президентимиз, қўли гул шифокорларимизни чин юракдан дуо қиламан…