БОШҚАРМА ҲАЙЪАТ ЙИҒИЛИШИ ТАНҚИДИЙ-ТАҲЛИЛИЙ РУҲДА ЎТДИ

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳайъат йиғилиши ўтказилди.

Унда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиаллари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, бош ҳамширалари, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, ўринбосарлари, кўп тармоқли марказий поликлиника мудирлари, бош ҳамширалари, шаҳар ва туман санитария-эпидемиолигик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари бошлиқлари иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоев кейинги вақтда вилоят соғлиқни сақлаш тизимининг долзарб муаммоларини бошқарма ҳайъат йиғилишларида муҳокома этиб, зарур вазифаларни белгилаб олиш анъанасига эътибор сусайганини қайд этиб, янги йилдан бу йиғилиш мунтазамлик касб этишини алоҳида таъкидлади.

 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғанишер Умирзоқов Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги 12-сонли “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг тизимдаги ижроси ҳолати ҳақида маъруза қилди. Бу борада фаоллик кўрсатган раҳбарлар алоҳида рағбатлантирилиши, шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйганларга интизомий чоралар кўрилиши маълум қилинди.

 

 

Шунингдек, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Собир Муродовнинг “Вилоятда грипп ва юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор касалликлари бўйича вазият, амалга оширилаётган профилактик ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар ҳақида”ги, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокорининг ўринбосари Адҳам Даминовнинг “Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2011 йил 7 июлдаги “Болаларга тиббий ёрдам кўрсатувчи ДПМларда парентерал йўл билан юқувчи шифохона ичи инфекциялари профилактикаси тўғрисида”ги 5-сонли буйруғи ижроси ҳақида”ги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мавлуда Қурбонованинг “Вилоятда туғиш ёшидаги хотин-қизларнинг электрон базасини “MedHub” дастурида яратилиши ҳолати ҳақида”ги, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директори Равшан Тўлаковнинг чироқчилик фуқаронинг бошқармага ёзган шикоят аризаси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича маърузалари тингланди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган ҳайъат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.