Болалар миллий тиббиёт маркази туғма юрак нуқсонини эндоваскуляр усулда даволаш бўйича МДҲда етакчилик қилмоқда

Болалар миллий тиббиёт маркази — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган мега лойиҳалардан бири. Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган мазкур муассаса ишга туширилганига 3 йилдан ошди.

Ўтган даврда марказнинг кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия, гемодиализ ҳамда реанимация бўлимларида кўплаб янги диагностика ҳамда даволаш усуллари амалиётга татбиқ этилди.

Ҳозир шифо маскани мутахассислари томонидан йилига 3000 га яқин, хусусан, яқин йилларгача фақат илғор хорижий мамлакатларда амалга ошириб келинган мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётлари юксак маҳорат билан ўтказилмоқда.

Муҳими, қўлланилаётган кам инвазив даволаш усуллари беморларни қисқа муддатда ва асоратсиз оёққа турғазишга қаратилган.

Жумладан, яқинда Президентимиз топшириғи асосида туғма юрак нуқсони бор 2000 нафар бемор болада давлат ҳисобидан жарроҳлик амалиётларини бажариш учун 64 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилган эди.

Болалар миллий тиббиёт маркази ҳам ушбу хайрли ишга ҳисса қўшиб, бу ерда апрель-май ойларида 150 нафар бола эндоваскуляр операциялар орқали соғломлаштирилди.

— Бундай юқори технологик муолажа усулида жажжи беморларнинг шифохонада қолиш муддати 2-3 кунга камаяди, — дейди Болалар миллий тиббиёт маркази директори Максуд Саидов. — Операция ҳеч қандай кесмаларсиз, томирлардаги 1,5-2 мм тешикчалар орқали ўтказилади. Косметик нуқсонлар қолмай, реабилитация даври 6-9 ойдан 10-15 кунгача қисқаради ва беморларнинг тезроқ оёққа туриши таъминланади.

Марказимизда биргина май ойида туғма юрак нуқсонли ўғил-қизларда эндоваскуляр усулда 86 та жарроҳлик амалиёти бажарилиб, бу кўрсаткич буйича Ўрта Осиё ҳамда Ҳамдўстлик давлатлари ихтисослаштирилган марказлари ўртасида етакчиликка эришилди.

Қолаверса, юракнинг қоринчалараро тўсиқ нуқсонини эндоваскуляр усулда бартараф этиш бўйича МДҲдаги энг нуфузли тиббиёт муассасалари — Россиянинг E.Н.Мешалкин номидаги ҳамда А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказларининг ҳар бирида шу йил бошидан буён 25 тагача операция ўтказилган бўлса, Болалар миллий тиббиёт марказида бу кўрсаткич май ойининг ўзида 37 тани ташкил этди.

Ана шу муваффақиятлар ўтган ой Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда ҳам этироф этилди.

Марказ жамоаси келгусида бундай операциялар сонини ойига 100 тагача етказиш, шунингдек, вилоятлардаги филиаларида ҳам жорий этишни режалаштирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.