Бармоқларда уюшиш, кўриш қобилиятининг пасайиши, бош айланиши… Бу – остеохондроз аломати бўлиши мумкин

👨‍💻 Ақлий меҳнат билан шуғулланадиган ва узоқ вақт бир жойда ўтириб ишлайдиган аксарият кишиларнинг умуртқа поғонаси ва бўйин соҳасида кучли оғриқлар пайдо бўлади.

❓Хўш, бу қайси касаллик аломати? Унинг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш лозим?

👩‍⚕️ Ушбу саволларга олий тоифали шифокор Раъно Носирова жавоб берди.

🚶— Йиллар ўтгани сари инсон умуртқа поғонасининг ҳаракатчанлиги ҳамда қайишқоқлиги камайиб боради, — дейди мутахассис. — Одам кам ҳаракат қилганда статик юк ортиб, умуртқа поғонасини тутиб турувчи мушаклар тонуси сусаяди. Оқибатда улар орасидаги дискларнинг озиқланиши бузилади. Бу эса остеохондроз пайдо бўлганидан дарак.

👴 Касаллик, асосан, бўйин, кўкрак, бел ва думғаза суякларида кузатилади. Унинг икки хил кўриниши бўлиб, бирламчи остеохондроз кўпроқ ёши катта инсонларда учрайди. Хасталик пайти дискларда дегенератив ўзгаришлар содир бўлиб, бунда диск суюқлиги ва озуқаси камаяди.

🏋️‍♀️ Иккиламчи остеохондрозга турли юқумли касалликлар, умуртқа поғонасидаги шикастланишлар ва ҳаддан ташқари жисмоний зўриқиш ҳолатлари сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланмайдиган инсонлар ҳам остеохондрозга мойил.

🤦Касаллик асосан оғриқлар билан намёон бўлади. Бўйин умуртқаси остеохондрозида бармоқларда уюшиш, кўриш қобилиятининг пасайиши, бош айланиши, бўйин, бош ва қўлларда оғриқ ҳамда қулоқларда шовқин кузатилади.

‼️ Кўкрак қафаси остеохондрозида бемор қийин нафас олиш, бел оғриғи, кўкрак қафасида ёниш ёки сиқилиш ҳиссидан азият чекади. Белда учрайдиган бундай хасталикда эса оёқлар ва пастки бел оғриб, бармоқлар уюшади.

🏊 Касалликка тўғри ташхис қўйиш учун албатта шифокор кўригидан ўтиш лозим. Остеохондрознинг олдини олиш ва ундан халос бўлиш учун бадантарбия машғулотларини канда қилмаслик, сувда сузиш, камҳаракатлилик ва бир жойда узоқ ҳаракатсиз ўтиришдан сақланиш керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.