Китоб туманидаги «Dr.Boboev health center» хусусий клиникаси қошида ташкил этилган нодавлат врачлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказида илк битирувчиларга сертификатлар топширилди.

Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилишини алоҳида таъкидлаган эди.
Қувонарлиси, тажрибали уролог шифокор, II даражали “Саломатлик” ордени соҳиби Алишер Бобоев ташкил этган хусусий клиника жамоаси бу ташаббусга биринчилардан бўлиб «лаббай» деб жавоб берди. Чунки бу ерда аллақачон мазкур қутлуғ ишга асос яратилган эди.

Клиникага жорий йилда Вазирлар Маҳкамасидан «Нодавлат кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти»га рухсат олинган эди. Эндиликда бу куюнчак жамоа даволаш ишлари билан биргаликда кадрлар тайёрлаш фаолияти билан ҳам шуғулланиб, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бунинг учун бу ердаги марказда 1 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 3 нафар тиббиёт фанлари номзоди фаолият юритмоқда.
Бугун бу ердаги нодавлат марказда воҳамиз билан бир қаторда мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келган 8 нафар шифокор «илк қалдирғочлар» сифатида эндоурология бўйича уч ойлик ўқув курсларини якунлашди.

Марказнинг илк битирувчиларига сертификатларни топшириш маросими катта тантанага айланиб кетди.

-“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” деган эзгу тамойил, малакали тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштириш борасидаги эзгу мақсадларимиз, ислоҳотлар самарасининг амалдаги яққол ифодасини мана шу ерда кўриб турибмиз, – деб таъкидлади тадбирда онлайн тарзда иштирок этган республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов. – Пойтахтдаги мутахассис олис тоғ туманига бориб маҳорат ўрганади, деса шу пайтгача биров ишонармиди? Бугун шу марказда таҳсил олиб, эндоуролог мақомига сазовор бўлган шифокорларимиз орасида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Хоразм ва ҳатто Тошкент шаҳрилик мутахассислар борлиги ҳайратланарли натижадир. Алишер Шукруллаевич бошчилигидаги фидойи жамоа мамлакатда биринчилардан бўлиб хусусий секторда мутахассислар малакасини ошириш ва тиббий суғурта жамғармаси орқали ордер тизими асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйди.


-Бу ерда мавжуд имкониятлар, хусусан, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўрганиш учун ташкил этилган махсус замонавий симуляция маркази курсантларимиз маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этди, – дейди нодавлат врачлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Абдумалик Абдуризаев. – Қолаверса, улар клиниканинг тажрибали эндоурологлари қаторида амалиётларда иштирок этиб, билим ва тажрибаларини мустаҳкамлашди. Курсантларимиз орасида нуфузли тиббиёт муассасалари бўлим бошлиқларидан тортиб хусусий клиникалар раҳбарларигача борлиги бизни жуда қувонтиради. Бу ерда улар катта тажриба ва маҳоратга эга бўлганликларига аминмиз.


-Марказимизда ташкил этилган 2017 йилдан буён ўтказилган 7913 та амалиётнинг 6028 таси эндоурологик операция ҳисобланади, – дейди клиника раҳбари Алишер Бобоев. – Келгусида марказда лапароскопия ҳамда роботлар амалиёти бўйича махсус цикллар йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Ғаффоров, курс битирувчилари ва клиникада даволаниб, саломатлигини тиклаган кекса отахонлар муассаса жамоасига муваффақият тилашди.